Президент Ислом Каримов ўз маъруза ва асарларида бежиз Абдулла Авлонийнинг тарбия хусусидаги чуқур маъноли, ибратли фикрларини кўп бор такрорламайдилар. Чунончи: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Ушбу ибратли сўзларда жамиятни олға силжишига асос бўладиган пурмаъно ҳикмат мавжуд. Чунки, инсон ҳаёти учун тарбиянинг нечоғли аҳамиятлилиги – бу айни пайтда, жамият тараққиётини белгиловчи мезон ҳам ҳисобланади. Тўғрироғи, тарбия бизнинг онгли мавжудот сифатида яшашимиз учун ҳаётимиз асоси ва турмушимиз саодати бўлиши керак. Албатта, тарбия таълим билан бирга, узвийликда олиб борилади. И. Каримов сўзи билан айтганда: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”дир. Шундай экан, тарбияни инсон туғилишидан ва ҳатто баъзи алломалар фикрига кўра, она қорнидалигидаёқ ола бошласа, инсон маълум ёшга, яъни ақлини танигандан бошлаб, тарбия таълим билан биргаликда, узвийликда сингдирилади. Бироқ, бу жараён тўлиқ ва изчилликда амалга ошириляптими? Афсус, етарли даражада ва ижобий, деб бўлмайди. Тарбияда оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Чунки, энг катта тарбия ўчоғи – бу бола илк дунёни кўрган оиладир. Фарзанд тарбияни оиладан, асосан онадан олади ва у яратган муҳит асосида улғаяди. Халқимизда гўзал бир мақол бор: “Онасини кўриб, қизини олгин”. Бундан кўринадики, фарзанд тарбиясига кўпроқ она масъул. Шундай экан, она ҳар томонлама етук ва тарбияли бўлиши лозим. Бироқ, кундалик турмушдаги воқеалардан, таълим жараёнидаги кўнгилсиз ҳолатларни кўриб, нега тарбияда бу даражада заифлашиб кетяпмиз, деган хулосага келасан киши. Фарзандим ҳеч кимдан кам бўлмасин, яхши яшасин, қийналмасин, деб она кўнглига қарайди. Албатта, ҳар бир она учун фарзанднинг кўнглига қараш яхши, аммо бу тарбиясига ҳам шундай ўта юмшоқлик билан муносабатда бўлиш, дегани эмас-ку. Хусусан, она таълим муассасасига қизи ёки ўғли устидан эмас, таълим бераётган ўқитувчи устидан арз қилиб келади. Натижада, ўқитувчини тарбия беролмасликда, фарзандини ҳақорат қилганликда айблаб, бошига бир олам мағзава тўкиб кетади. Баъзи ҳолларда бир гуруҳдан бошқа гуруҳга ўтказилган ўқувчи шикояти асосида ота директор устидан арз қилиб, синф раҳбарини бошини қотиради: нега бошқа гуруҳга ўтди, мен қизимни гапини икки қилмаганман, кўнглига қараганман, кўнгли ўксийди ва ҳоказо. “Бўйи” баробар келадиган, узун зирагини олиб қўйган ўқитувчи устидан она арз қилиб келади: нега оласиз, нима ҳаққингиз бор, ҳеч кимдан кам бўлмай юрсин, бу ҳол чиройли турганлигини кўролмаслик ва ҳоказо. Бу каби мисоллар талайгина. Мисоллардан келиб чиқиб айтмоқчимизки, она шу тартибда йўл тутадиган бўлса, ўқувчи она томонидан ҳақоратланган ўқитувчига, сўнгра қандай муносабатда бўлар экан. Хулоса аниқ, ўқитувчи ўқувчи назарида гуноҳкор, қўрқоқ ва билимсиз. Ҳатто, бола ўқитувчини ҳурмат қилмайди, айни пайтда менсимай қўяди ва унинг сабоғини олишга ҳеч қачон интилмайди. Нега оналар фарзанд тарбияси билан боғлиқ жиддий ишга бефарқ ва ҳиссиётларга берилган ҳолда ўзини ёшларча тутиб, муносабатда бўляпти. Балки, бу ёшларча хатти-ҳаракати орқали ўзгаларга зўрлигини, кучини кўрсатишдир. Оқибатда, фарзанди айтганини қилмаса, гап қайтариб, бетга чопарлик қилса, тили ва хатти-ҳаракати билан озор берса, ҳаётда муносиб ўрнини тополмаса, нолишга тушади. Аслида катта айб ўзида эканлигини кеч англаб етади. Шу ўринда, ўзбек менталитетига, турмуш даражасига умуман тўғри келмайдиган ҳаётий бир воқеани мисол келтирмоқчиман: Бозорда сотувчилик билан кун кўрадиган аёл ёнига 9-синфда ўқийдиган қизи пул сўраб келади. Онасини холи-жонига қўймай, пул топиб берасан, деб туриб олади. Она ҳали бирор нарса сотмаганлигини қанча тушунтирса ҳам, қиз эшитишни хоҳламайди. Натижада, қиз онасига қўл кўтаради. Бу ҳолни кузатиб турган аёллар она ва қизни ажратишга шошиладилар. Кимдир қизга насиҳат берган бўлди ва яна кимдир, тарбиясизликди айблади ва яна кимдир таълим муассасасига айбни тўнкади. Биламизки, ўзбекона турмуш тарзимизда, яқин-яқингача бола ота-онага қаттиқ гапириш у ёқда турсин, ҳатто юзига тик қарашга ҳеч қачон ботинолмаган, шарм қилган. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган шарқона яшаш тарзи. Бироқ, юқоридаги воқеаларни кўриб ва эшитиб, ўзбекона тарбия қани ва уни нега кўпгина оилалар турмуш тарзи, яшаш шароитидан тополмаяпмиз. Нега фарзандларимизга ибрат мактаби бўла олмаяпмиз, деган саволлар бот-бот кўнглимизга келаверади. Бу, балки, билим савиямиз, дунёқарашимиз торлиги ва ўзимиздан ёшлари улуғ – кексалар ўгитини олмаслигимиздир. Балки, китобхонлик даражамизнинг сусайиб кетаётганлигидир. Нима бўлганда ҳам, тарбия масаласига суст ва лоқайдларча ёндашяпмиз. Биламизки, кекса отахон ва онахонларимиз ҳамиша ёшларга ибрат мактаби, ҳикматлар уммони бўлиб келганлар. Улардан ўрганайлик, ибратли яшаш тарзини андоза қилиб олайлик, ўгит ва насиҳатларига қулоқ берайлик.
Кўринадики, тарбиянинг асоси кўп жиҳатдан билимга ва яхшиларга ёндашишда ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи асосида юзага келган бой тажрибага ҳамда пурмаъно сўзларини қай даражада билишга бориб тақалар экан. Шу ўринда, бобомнинг ёшлигимда айтган гўзал ўгитларини мисол тариқасида келтирмоқчиман: “Болам, алломаларимиз қолдирган ҳикматли сўз ва маталларни қанчалик ёд олиб борсанг, қалбингга шунчалик нақшланиб бораверади. Натижада, сенинг тилингдан ҳам шундай гўзал сўзлар ёғила бошлайди ”. Фарзандларимиз ҳам ривоят, ҳикоят ва ибратли сўзларга жуда муҳтож (бу хулосани таълим жараёнидан келиб чиққан ҳолда айтяпман). Улар оламини бой маънавий чанқоқлик билан қондира олсак, ўйлаймизки, Абдулла Авлоний бобомиз айтган ва истаган тарбия тушунчаси, биз учун мазмунли ҳаётимиз асоси, бахтимиз саодати бўлиб хизмат қилади.
Лола Азимова