avatar
Куч
824.45
Рейтинг
+317.79

Azimova Lola Karimovna

Мақолалар

Севги ва садоқатим сенгадир Ватан!

Yagonasan muqaddas Vatanim, sevgi va sadoqatim senga baxshida, go'zal O'zbekistonim!
Жамият

Булбул ошён этган гўзал чамансан,


Мардлар кўксидаги нурли имонсан,


Дунё ичра ўзинг шоҳу Султонсан.


Севги садоқатдан сўйлаган Ватан!


 


Сендадир Темурнинг куч-жасорати,


Куброю Нақшбанд қалб шижоати,


Буюк даҳоларнинг онг заковати.


Поклик бўстонидан сўйлаган Ватан!


 


Мадҳингни битсам

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Юртим, гул жамолинг мадҳини битсам,


Юрак фахр туяр, ифтихор туяр.


Нурли кунларингни тараннум этсам,


Борлиғим қувончдан энтикиб қўяр.


 


Шул сабаб фаровон заминда ҳар жон,  


Қалбида шукрона туйғусин туйдим.


То тирик эканман ҳар нафас ҳар он,


Сени онам дея ардоқлаб суйдим.


 


Аждодлар ўгити шонли тарихинг,


Унда янграгандур мангу алёрлар.


Бугун қувончларга тўлмоқда бағринг,


Шукр, мустақилсан, янграр ёр-ёрлар.

ҚАЁНА КЕТАЙ

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Ўзгадин қалбимга етганда озор,


Холимни забунлар айласа минг бор,


Ағёрлар қалбимни этсалар абгор.


Борлиғим олибла қаёна кетай.


 


Дўстман деб ортингдан отсалар тошлар,


Маломат юкини солса не бошлар,


Олдинга қўйсалар миннатли ошлар.


Борлиғим олибла қаёна кетай.


 


Ғийбатлар шул заиф қаддимни букса,


Қаҳрли нигоҳлар хазондек тўкса,


Умидли орзулар армонла чўкса.


Борлиғим олибла қаёна кетай.


 


Lola

Кўнгил сени...

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Кўнгил сени покиза Каъбам деб макон қилай,


Иблис қувиб етолмас, баланд бир қўрғон қилай,


Қорачиғдек асраган жон қилай, жонон қилай.


Ул жону танлар ичра Роббимни сарбон қилай.


 


Кўнгил сени покликда Султон қилай, хон қилай,


Малаклар сардорига нурли соябон қилай.


Ошиқликдан дам урган масту мастоналарни,


Деворлари нур янглиғ Каъбамда меҳмон қилай


 


Лола

Ўтмагин изсиз

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Ёлғизлик домига бормоқда ютиб,


Кун эса зулматга бағрини тутиб,


Хазон япроғила тўкилиб, битиб,


Гул умрим баҳори ўтмоқда изсиз.


 


Кўзимнинг ёшлари ёмғирдек оқиб,


Ул нафснинг илгида ҳар нафас боқиб,


Ишқнинг оташига минг бора ёқиб,


Оҳ умрим баҳори кетмоқда изсиз.


 


Нолима деганди бир оташ юрак,


Тупроққа кетсада бу тану билак,


Мудом жаранглайди умидли тилак:


“Боқийлик касб этгай бу умрим сўзсиз”

Ҳамкорлик – барқарор жамият гаровидир

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

      Жамият барқарорлиги кўп жиҳатдан инсонларнинг маънавий етуклик даражасига ва ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашига боғлиқ. Шу жиҳатдан, оила‑маҳалла‑таълим – таълим‑тарбияни амалга оширувчи жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Инсон оилада туғилиб, жисмонан улғайиб борса, маҳалла унинг миллий хусусиятларини шаклланишига, таълим даргоҳи эса, илмий салоҳиятини оширишга ва ҳар бири умумий ҳолда инсонни маънавий етук бир шахс мақомига эришишига хизмат қилади. Биламизки, давлатимиз томонидан оилалар мустаҳкамлигига, унинг обод ва фаровон бўлишига катта эътибор берилмоқда ва бунинг учун таъсирчан чора‑тадбирлар кўрилмоқда.  Бинобарин, оилавий муҳит қанчалик соғлом, турмуши обод бўлса, маҳалла шунчалик тинч ва фаровон, жамият эса, равнақ топади. Дарҳақиқат, фарзанд шу уч муҳит таъсирида улғайиб, ўзлигини англаб боради. Фарзанд тарбиясида ота‑она, маҳалла фаоли ва ўқитувчи ҳамкорлиги кўп жиҳатдан аҳамиятлидир. Шу жиҳатдан, 2012 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оила‑маҳалла‑таълим муассасаси ҳамкорлиги тўғрисидаги” Қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ оила‑маҳалла‑таълим муассасасининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим вазифа қилиб белгиланди. Шундай экан, буни амалга ошириш учун таъсирчан чора‑тадбирлар кўриляптими? Ўзаро ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилмоқда?


        Бу борада таълим муассасаларида ўзаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ва амалга ошириш мақсадида ота‑оналар қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилди. Таълим олаётган ўқувчиларнинг ота‑оналаридан ташкил топган қўмита фаоллари таълим муассасасидаги барча маънавий ва ташкилий ишларда жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Шунингдек, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигида турли мавзуларда суҳбат, маъруза ва семинарлар, тадбирлар ташкил этилди. Албатта, ўтказилаётган бу каби тадбирларда маҳалланинг намунали, фаол инсонлари, кўпни кўрган, тажрибали отахон ва онахонлари жалб этилди. Бу каби олиб борилаётган ишлар замирида, албатта Ватанга фидоий, баркамол шахсни тарбиялаш ғояси ётади. Бироқ, ҳамкорлик масаласи барча таълим муассасаларида кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Аслида ҳамкорликни самарали амалга оширишда ва энг муҳими, ёшлар тарбиясида ота‑она ва маҳалла фаоллари муҳим ўрин тутади. Бизни ўйлантирган ҳамкорлик масаласи кўпроқ ўқувчи тарбиясига эмас, балки тозалик ишларига қаратилаётганини кўриб, кўнглинг бир оз хижил бўлади. Аниқроғи, маҳалла таълим муассасаси билан ҳамкорликни амалга оширмоқда, аммо бу ҳамкорлик, баъзан кўча‑куйни тозалашдан нарига ўта олмаяпти.


     Маълумки, ўқувчининг ёш хусусиятлари, жисмоний ва ақлий имкониятлари инобатга олинган ҳолда  фан соатлари қўйилади ва ўқитилади. Касб-ҳунар коллежи ўқувчиси ўқув жараёнида тўқсон минут ақлан толиқиб қолмасдан, жисмонан ҳам чарчайди. Ўқувчига ҳам шу жиҳатдан келиб чиқиб, масъулият юкланади. Афсус, баъзан фан соатлари тўлиқ ўтилмасдан, тозалик ишларига жалб этилаётган ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўламиз. Тўғри, кўча‑куйларнинг тоза ва озода бўлиши инсонлар кайфиятини кўтаради ва энг муҳими, катта савоб. Бироқ, бу ишлар кимнингдир зарари учун бўлиши керак эмас. Ўқувчи ўқувчилик вазифасини бажармасдан, маҳаллама-маҳалла юриб, кўча‑куйнинг тозалиги билан овора бўлса, фанни қачон ўқийди‑ю, мавзуларни қачон ўзлаштиришга улгуради. Ўқувчилар жалб этилаётган ўша кўчаларда, наҳотки, ҳеч ким яшамаса. Ахир, ҳар бир инсон ўзи истиқомат қилаётган кўча ёки жой тозалигига масъул эмасми? Нега мутасадди шахслар бу масалага бефарқ қарашмоқда. Бу масалани қандай баҳолаш ва ҳал этиш эса, ҳар бир инсоннинг виждонига ҳавола.  


     Хулоса қилиб айтганда, ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик – тинчлик, барқарорлик асоси бўлиб келган. Айни пайтда, инсонларда маънавий жиҳатларнинг шаклланиб боришига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Бугунги ривожланган асрда ҳамкорлик масалаларини ҳам шу жиҳатга хизмат қилдирсак, ўйлайманки, юрт янада тинч, жамият эса, барқарор равнақ топади. Шаклланаётган кадрлар ҳам интелектуал салоҳиятга эга бўлиб, камолга етади. Биз шундай бўлишини хоҳлаймиз. Зеро, ҳамкорлик – ҳамиша барқарор жамият таянчи ва муҳим асоси бўлиб келган.   


 


Лола

Онажоним

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Ҳувиллаган уйлар қолди, кўнгил қолди,


Болалари етим бўлиб онам қолди.


Раҳминг сени кимларга ҳам келган эди.


Сенга раҳми келгувчи ул кимлар бўлди.


 


Ёстиқларинг селлари ҳам қуримасдан,


Йиллар сени азобларга кўндирдику.


Умидлари чақмоқ онам, уйғоқ онам,


Ҳаёт заҳми қаддингни ҳам сўндирдику.


 


Мен нотавон сенинг дардинг билмабманда,


Ғўр боладек ўйнаб кулиб юрибманда,


Қалби тоза сендек инсон қайларда деб,


Олислардан ахтарибман, толибманда.


 


Бухорийнинг онасидир, менинг онам,


Ватанимнинг нафасидир менинг онам,


Фахрлансам шунча камдир, Сиздан онам,


Умидлари порлоқ онам, уйғоқ онам. 


 


Ойгул Азимова

Ўзлик фалсафаси

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Ожиз бир тан ила дунёга боқдим,


Унда кўрдим бисёр: ҳасрат ила ғам.


 


Ибрат кўзи ила оламга боқдим,


Кўрдим унда ожиз адолат ҳар дам.


 


Тафаккур айлади шунда шуурим,


Англамоқдан ожиз экан бу таним.


 


Шу дамда қалбимга айладим савол,


Жавобин айтмоққа бормикин бир ҳол.


 


Мени менлигимни йўқотган дамим,


Билдимки, ўзлигим топибман Эгам.


 


Лола Азимова

“Кўзларим қароғи остида Ватан” номли шеърий тўплам нашр этилди

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

    Давлатимиз томонидан ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб шаклланишлари учун катта имкониятлар яратилган. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ёшларимиз фақат муайян фан соҳаларида изланишлар олиб бормасдан, балки буюк аждодларимиз анъанасини давом эттирган ҳолда бадиий ижод, шеъриятга ошнолик туйғусини ҳам намоён этмоқдалар. Шеъриятга ошнолик – руҳий покланиш, гўзалликка интилиш демакдир. Дарҳақиқат, шеъриятга шайдолик туйғуси ва буни чуқур англаган ҳолда гўзал сўз тизгилари орқали мисраларга жо қилиш, энг муҳими, бу гўзалликни ўзгаларга ҳам англатиш ўзига хос истеъдод ва қобилиятни талаб қилади.


    Шу жиҳатдан, Тошкент ислом университети талабалари ҳам дунёвий, ҳам диний илмларни эгаллаш баробарида бўш вақтларида бадиий ижод билан шуғулланиб келмоқдалар. Талабалар шеъриятнинг нозик жиҳатларини тўғри илғаган ҳолда Ватан, эл-юрт мадҳи, тинчлик, шукроналик туйғуларини илҳом завқи ила жўшиб тараннум этишлари жуда қувонарли ҳолдир.



Хиёнат қилма

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Майлига ёнибла ашъорлар битма,


Куйибла жон бериб азоб ҳам ютма,


Умрбод заминда қолиб ҳам кетма.


Лек Она юртинга хиёнат қилма.


 


Дунёни кез майли самоларни кез,


Шоҳликда ўзингни Искандардек сез,


Ҳатто шуҳратларга кўмилсангда тез.


Шул Она заминга хиёнат қилма. 


 


Lola

Испаниялик меҳмон

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

     Ўзбек халқининг маданияти жуда бой ва узоқ тарихий илдизга эга. Буюк алломаларни бағрида камол топтирган она заминимиз, ўзининг бебаҳо маънавий мероси, бой тарихи билан дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган ва қўшиб келмоқда. Алломаларимизнинг турли фан соҳаларидаги буюк кашфиётлари, бадиий ижоддаги ўлмас асарлари, азиз авлиёларнинг руҳий юксалишдаги интилишлари, пурмаъно сўзлари, буюк саркардаларимизнинг юрт тинчлиги учун кўрсатган қаҳрамонликларини  ўзида мужассамлаштирган тарихий обидаларимиз дунё халқларини ўзига оҳанграбодек тортиб келмоқда. Ўзбек маданиятига бутун дунё қизиқиш билан қарамоқда ва бебаҳо меросимизни ўрганишга интилмоқда.



Ичкилик – умр заволи

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

    Инсон ҳаётининг мазмунида, тириклик моҳиятида, эзгулик қилиш, меҳр‑оқибат ва ғамхўрлик кўрсатиш ётади. Дарҳақиқат, инсон жамиятда инсондек яшаши лозим. Акс ҳолда, берилган озгина умр беҳуда, зое кетган ҳисобланади. Афсус, ҳаётимизда умрини ўткинчи, беҳуда нарсаларга сарфлаб, увол қилаётганларни ва улар сонини янада ортиб бораётганлигини кўриб, дилимиз ғашланади. Албатта, гап инсон умрини қисқартирадиган, ҳаётини барбод қилиб, аянчли ҳолга олиб келадиган ичкилик ҳақида боряпти. Одамни бундай ҳолга тушишига бир қанча сабаблар таъсир кўрсатмоқда. Аслида ичкилик одатда иродасизлик натижасида юзага келади. Бу дегани, қийинчилик ва азобдан қутилишнинг ягонга йўли спиртли ичимлик ёки гиёҳванд моддалар, деб билишдир.



Маънавиятимиз илдизига болта урмайлик!

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

        Жамият фаровонлиги кўп жиҳатдан инсонларнинг маънавий етуклик даражаси билан белгиланади. Чунки маънан соғлом инсонгина бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларга бефарқ қарай олмайди. Шунинг учун, Президентмиз Ислом Каримов юксак маънавиятли инсонни ҳеч бир куч, ҳеч бир ғоя енга олмаслигини такрор ва такрор ўз маъруза ва нутқларида таъкидлаб ўтганлар. Албатта, жисмоний қарамликдан маънавий қарамлик кучлироқ ва хавфлироқдир. Чунончи, бугунги дунё мафкуравий кураш майдонига айланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу кураш кўпроқ ёшлар онги ва қалбини эгаллашга қаратилганини бугунги тиғиз ва шиддатли давр кўрсатиб турибди. Бу кураш гоҳ дин ниқоби остида, гоҳ техник воситалар орқали тарқатилаётган турли ғоялар кўринишида намоён бўлмоқда. Биламизки, қуролнинг кучини ва қанча жойга талофат етказишини аниқлаш мумкин, аммо мафкуранинг кучини бирдан кўриб, аниқлаб бўлмайди. Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Ядро полигонларига қараганда, мафкура полигонлари кучлироқ ва хавфлироқдир”. Дарҳақиқат, қачонки одамлар шу мафкура таъсирида ҳаракатга келсагина салбий ёки ижобий эканини билиш мумкин. Шундай экан, мафкуравий кураш кимларга қаратилгану нималарда намоён бўлмоқда? Энг муҳими, бу мафкуравий ҳаракатлар кўпроқ ёшлар ва улар орқали маънавиятимиз илдизига болта уришга қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бу масала ҳар бир виждонли, маърифатли инсонни ўйлантирмай қолмайди.


      Кузатишлар натижасида шуни айтиш мумкинки, бугунги аксарият ёшлар алломаларимизнинг таваллудини эмас, балки олди‑қочди, маза‑матрассиз қўшиқ айтиб, аллақачон машҳур эстрада хонандасига айланиб улгурган, юртимизнинг фарзанди бўла туриб, ташқи кўриниши менталитетимизга мос келмайдиган “санъаткор”ни, ўзининг кимлигидан кўра яхшироқ танийди. Ёки бўлмаса, ислом динини яхши билмаслик қандай оқибатларга олиб келишини бугунги даврнинг фожиали ҳалокатлари кўрсатиб турибди.  


       Ачинарлиси шундаки, ғараз кучлар “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимиз онгини заҳарлаш йўли билан маънавиятимиз илдизига болта уришга ҳаракат қилмоқда. Инсонлар орасида юзага келаётган маънавий қашшоқликни бунинг биргина мисоли сифатида баҳолаш мумкин. Ёшлар кимлигини, ота‑боболари ким ва қандай юрт фарзанди эканлигини яхши билмаса, манқуртлик эмасми? Аслида, биз завқланиб эшитаётган ёки кўраётган қўшиқ ёки клипда ҳам, фильм ёки сериалда ҳам борингки, ҳар бир нарсада муайян ғоя ётади. Мустақил дунёқарашга эга бўлмаган ёшлар эса, кўрган ва эшитганини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилади. Натижада каттага ҳурмат, инсонни қадрлаш, ота‑онани эъзозлаш каби ижобий фазилатлардан йироқ, маънан қашшоқ инсонга айланмоқда. Менталитетимизда ота‑онани борингки, ўзидан катта инсонларни қадрлаш, улардан шарм қилиш, кўзига тик қарай олмаслик каби юксак инсоний фазилатлар шарқона яшаш намунаси сифатида баҳоланади. Аммо, афсус, бугунги кунда бунинг аксини кўрмоқдамиз. Фарзанднинг ота‑она, ёр‑биродар, қўни‑қўшни ва қариндошларга муносабатида салбий жиҳатлар кўпроқ намоён бўлмоқда. Бунга турли ёт ғоялар таъсири сабаб эмасми? Биргина интернет орқали танишув йигит ёки қиз, айниқса қизлар ҳаётини ўзгартириб юбормоқда. Чет эллик ажнабий билан оила қуриш оқибатида насллар бузилмоқда. Бу етмагандек, нигилизм, космополитизм, яъни ватансизликни ёқлаш каби зарарли ғояларнинг урчишига сабаб бўлмоқда. Ёки бўлмаса, ғарбона маданият таъсирида ярим яланғоч кийим, ахлоқсиз хатти‑ҳаракат ёки муомала қандай оқибатларга олиб келаётганини бугунги давр кўрсатиб турибди. Шундай экан, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш ва ҳимоялашнинг таъсирчан чораларини кўриш лозим. Ёшлар онгига ўқишдан кўра кўпроқ кўриш ва эшитиш таъсир қилаётган экан, шу жиҳатга эътиборни қаратайлик. Она заминимизда не‑не буюк зотлар, авлиёлар яшаган. Уларнинг сиймосини, ибратли ҳаёт йўлини асарларда, фильмларимизда таъсирли қилиб ёритайлик. Шунингдек, ёшларни бадиий санъат ва адабиётга ошно қилсак, ўйлайманки, таълим‑тарбия жараёнидаги катта ютиғимиз ҳисобланар эди. Зеро, маънавиятимиз илдизларини маънан бой, ақлан камолга етган баркамол ёшларгина асраши ва янада мустаҳкамлаши мумкин.  


 


Lola

Ул ожиз танлар

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Гуноҳ дунёсига ғарқ бўлган танлар,


Ғийбат юкларига эгилар бўлдик.


Аро йўлда қолиб покиза жонлар,


Бу ҳолдан юз бора эзилар бўлдик


 


Бори ёмонликни Шайтонга юклаб,


Фаришта мисоли беозор бўлдик.


Наҳот барисида нафсимиз ёқлаб,


Шайтонга минг бора дарс берар бўлдик.


 


Лола

Адабиёт – миллат кўзгуси

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

   Ҳар бир миллатнинг миллий хусусиятларини, унинг ўзига хослигини, менталитетини кўрсатадиган бу тил ва адабиётидир. Чунки миллий адабиётда халқнинг онгу тафаккури, ақлу заковати ўз ифодасини топибгина қолмасдан, балки маърифий‑ахлоқий, маънавий хусусиятлари ҳам ўз тажассумини топгандир. Зеро, адабиётни ҳаётнинг инъикоси (сурати) сифатида баҳолашган. Шу жиҳатдан, адабиёт, бадиий ижод бошқа фанларга қараганда, кўпроқ халқнинг, инсонларнинг маънавий жиҳатларини акс эттиради. Бу борада, асримиз бошларида буюк маърифатпарвар адибларимиз Чўлпон, “адабиёт яшаса – миллат яшайди” ёхуд Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур”, деган эдилар.  



Ҳар нарсада меъёр бўлсин!

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

      Ўзбек оилалари азал‑азалдан шарқона ҳаёт тарзи асосида яшаб, миллий хусусиятларини намоён этиб, маънавий дунёсини камол топтириб келган. Бу анъана яқин‑яқингача ҳар бир оиланинг ҳаёт тарзи, яшаш мезони бўлган. Шарқона оилада камол топган фарзанд ўз ҳаёт тарзини шундай мезонлар асосида қурган. Шу жиҳатдан, ўзбек миллатининг илдизи бақувват ва маънан етук бир миллат сифатида фарзандларини буюкликка дахлдор қилди. Биз ҳам буюк аждодларга муносиб ворис бўлишимиз учун интилишимиз, ўзимизда маънавий етуклик ва баркамоллик касб этишимиз лозим. Бироқ, афсуски, бугунги техника ривожланган асрда негадир, баъзи ёшлар онгини, яшаш тарзини миллий хусусиятлар, ахлоқий фазилатлар эмас, аксинча унинг ўрнини шовқинли ғарб маданияти эгаллаб олмоқда. Бундайлар  маънавиятимизни бойитадиган китобга эмас, аксинча онгу шуурни ўзига тобе қиладиган алдамчи бир техник воситага меҳр қўймоқда.



Онаизорим

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

Дунёда бор бўлса қанча дард-алам


Барчаси бир заиф жуссангга тушмиш


Оламда бор бўлса қанча кўз ёш, ғам


Кўзларинг нурини бежо ул олмиш


 


Йўлдошинг бир умр ёлғизлик бўлди,


Унинг юки оғир, азоби оғир.


Эҳ, она сен унга қандай дош бердинг,


Сабр ҳам шул дамда азобли тилгир.


 


Оғир юк елкангда кетяпсан маъюс 


Бори ғамларингни бир зум аритсам


Оҳ, она сен чеккан барча дардларни,


Шодлигу бахт ила нурла ёритсам


 


Кўзингга ёш келди у нолиш эмас


Соғинчли ёшлар у – меҳрли ёшлар 


Қалбингдан отилган мунгли сас эмас,


Оташин сўзлар у покликка бошлар. 


 


Лола Азимова

Тарбия биз учун ё саодат – ё фалокат масаласидир

Toshkent islom universiteti bitiruvchilari
Илм-фан

         Президент Ислом Каримов ўз маъруза ва асарларида бежиз Абдулла Авлонийнинг тарбия хусусидаги чуқур маъноли, ибратли фикрларини кўп бор такрорламайдилар. Чунончи: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Ушбу ибратли сўзларда жамиятни олға силжишига асос бўладиган пурмаъно ҳикмат мавжуд. Чунки, инсон ҳаёти учун тарбиянинг нечоғли аҳамиятлилиги – бу айни пайтда, жамият тараққиётини белгиловчи мезон ҳам ҳисобланади. Тўғрироғи, тарбия бизнинг онгли мавжудот сифатида яшашимиз учун ҳаётимиз асоси ва турмушимиз саодати бўлиши керак. Албатта, тарбия таълим билан бирга, узвийликда олиб борилади. И. Каримов сўзи билан айтганда: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”дир. Шундай экан, тарбияни инсон туғилишидан ва ҳатто баъзи алломалар фикрига кўра, она қорнидалигидаёқ ола бошласа, инсон маълум ёшга, яъни ақлини танигандан бошлаб, тарбия таълим билан биргаликда, узвийликда сингдирилади. Бироқ, бу жараён тўлиқ ва изчилликда амалга ошириляптими? Афсус, етарли даражада ва ижобий, деб бўлмайди. Тарбияда оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Чунки, энг катта тарбия ўчоғи – бу бола илк дунёни кўрган оиладир. Фарзанд тарбияни оиладан, асосан онадан олади ва у яратган муҳит асосида улғаяди.  Халқимизда гўзал бир мақол бор: “Онасини кўриб, қизини олгин”. Бундан кўринадики, фарзанд тарбиясига кўпроқ она масъул. Шундай экан, она ҳар томонлама етук ва тарбияли бўлиши лозим. Бироқ, кундалик турмушдаги воқеалардан, таълим жараёнидаги кўнгилсиз ҳолатларни кўриб, нега тарбияда бу даражада заифлашиб кетяпмиз, деган хулосага келасан киши.  Фарзандим ҳеч кимдан кам бўлмасин, яхши яшасин, қийналмасин, деб она кўнглига қарайди. Албатта, ҳар бир она учун фарзанднинг кўнглига қараш яхши, аммо бу тарбиясига ҳам шундай ўта юмшоқлик билан муносабатда бўлиш, дегани эмас-ку. Хусусан, она таълим муассасасига қизи ёки ўғли устидан эмас, таълим бераётган ўқитувчи устидан арз қилиб келади. Натижада, ўқитувчини тарбия беролмасликда, фарзандини ҳақорат қилганликда айблаб, бошига бир олам мағзава тўкиб кетади. Баъзи ҳолларда бир гуруҳдан бошқа гуруҳга ўтказилган ўқувчи шикояти асосида ота директор устидан арз қилиб, синф раҳбарини бошини қотиради: нега бошқа гуруҳга ўтди, мен қизимни гапини икки қилмаганман, кўнглига қараганман, кўнгли ўксийди ва ҳоказо. “Бўйи” баробар келадиган, узун зирагини олиб қўйган ўқитувчи устидан она арз қилиб келади: нега оласиз, нима ҳаққингиз бор, ҳеч кимдан кам бўлмай юрсин, бу ҳол чиройли турганлигини кўролмаслик ва ҳоказо. Бу каби мисоллар талайгина. Мисоллардан келиб чиқиб айтмоқчимизки, она шу тартибда йўл тутадиган бўлса, ўқувчи она томонидан ҳақоратланган ўқитувчига, сўнгра қандай муносабатда бўлар экан. Хулоса аниқ, ўқитувчи ўқувчи назарида гуноҳкор, қўрқоқ ва билимсиз. Ҳатто, бола ўқитувчини ҳурмат қилмайди, айни пайтда менсимай қўяди ва унинг сабоғини олишга ҳеч қачон интилмайди. Нега оналар фарзанд тарбияси билан боғлиқ жиддий ишга бефарқ ва ҳиссиётларга берилган ҳолда ўзини ёшларча тутиб, муносабатда бўляпти. Балки, бу ёшларча хатти-ҳаракати орқали ўзгаларга зўрлигини, кучини кўрсатишдир. Оқибатда, фарзанди айтганини қилмаса, гап қайтариб, бетга чопарлик қилса, тили ва хатти-ҳаракати билан озор берса, ҳаётда муносиб ўрнини тополмаса, нолишга тушади. Аслида катта айб ўзида эканлигини кеч англаб етади. Шу ўринда, ўзбек менталитетига, турмуш даражасига умуман тўғри келмайдиган ҳаётий бир воқеани мисол келтирмоқчиман: Бозорда сотувчилик билан кун кўрадиган аёл ёнига 9-синфда ўқийдиган қизи пул сўраб келади. Онасини холи-жонига қўймай, пул топиб берасан, деб туриб олади. Она ҳали бирор нарса сотмаганлигини қанча тушунтирса ҳам, қиз эшитишни хоҳламайди. Натижада, қиз онасига қўл кўтаради. Бу ҳолни кузатиб турган аёллар она ва қизни ажратишга шошиладилар. Кимдир қизга насиҳат берган бўлди ва яна кимдир, тарбиясизликди айблади ва яна кимдир таълим муассасасига айбни тўнкади. Биламизки, ўзбекона турмуш тарзимизда, яқин-яқингача бола ота-онага қаттиқ гапириш у ёқда турсин, ҳатто юзига тик қарашга ҳеч қачон ботинолмаган, шарм қилган. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган шарқона яшаш тарзи. Бироқ, юқоридаги воқеаларни кўриб ва эшитиб, ўзбекона тарбия қани ва уни нега кўпгина оилалар турмуш тарзи, яшаш шароитидан тополмаяпмиз. Нега фарзандларимизга ибрат мактаби бўла олмаяпмиз, деган саволлар бот-бот кўнглимизга келаверади. Бу, балки, билим савиямиз, дунёқарашимиз торлиги ва ўзимиздан ёшлари улуғ – кексалар ўгитини олмаслигимиздир. Балки, китобхонлик даражамизнинг сусайиб кетаётганлигидир. Нима бўлганда ҳам, тарбия масаласига суст ва лоқайдларча ёндашяпмиз. Биламизки, кекса отахон ва онахонларимиз ҳамиша ёшларга ибрат мактаби, ҳикматлар уммони бўлиб келганлар. Улардан ўрганайлик, ибратли яшаш тарзини андоза қилиб олайлик, ўгит ва насиҳатларига қулоқ берайлик.   


      Кўринадики, тарбиянинг асоси кўп жиҳатдан билимга ва яхшиларга ёндашишда ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи асосида юзага келган бой тажрибага ҳамда пурмаъно сўзларини қай даражада билишга бориб тақалар экан. Шу ўринда, бобомнинг ёшлигимда айтган гўзал ўгитларини мисол тариқасида келтирмоқчиман: “Болам, алломаларимиз қолдирган ҳикматли сўз ва маталларни қанчалик ёд олиб борсанг, қалбингга шунчалик нақшланиб бораверади. Натижада, сенинг тилингдан ҳам шундай гўзал сўзлар ёғила бошлайди ”. Фарзандларимиз ҳам ривоят, ҳикоят ва ибратли сўзларга жуда муҳтож (бу хулосани таълим жараёнидан келиб чиққан ҳолда айтяпман). Улар оламини бой маънавий чанқоқлик билан қондира олсак, ўйлаймизки, Абдулла Авлоний бобомиз айтган ва истаган тарбия тушунчаси, биз учун мазмунли ҳаётимиз асоси, бахтимиз саодати бўлиб хизмат қилади.


 


Лола Азимова